SHIITE COMMUNITIES OF CENTRAL ASIA AND THEIR FEATURES

Рубрика конференции: Секция 7. Исторические науки
DOI статьи: 10.32743/SpainConf.20222.16.334922
Библиографическое описание
Tokhtiev Sh.R. SHIITE COMMUNITIES OF CENTRAL ASIA AND THEIR FEATURES// Proceedings of the XVI International Multidisciplinary Conference «Prospects and Key Tendencies of Science in Contemporary World». Bubok Publishing S.L., Madrid, Spain. 2022. DOI:10.32743/SpainConf.20222.16.334922

SHIITE COMMUNITIES OF CENTRAL ASIA AND THEIR FEATURES

Shukhrat Tokhtiev

PhD. Senior lecturer of the International Islamic Academy of Uzbekistan,

Uzbekistan, Tashkent

 

МАРКАЗИЙ ОСИЁ ШИА ЖАМОАЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Тохтиев Шухрат Рустамович

Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси, PhD,

Ўзбекистон, Тошкент ш.

 

ABSTRACT

The article is devoted to a brief overview of the history, culture and religious views of the Shiites of Central Asia. The article also briefly discusses some historical data on the resettlement of Iranians to Central Asia, the features of their confessional self-identification and religious ritual.

АННОТАЦИЯ

Мақола Марказий Осиё шиа жамоалари тарихи, маданияти ва диний қараўларининг қисқача тавсифига бағишланган. Шунингдек, мақолада эронликларнинг Марказий Осиёга келиб қолиши, диний анъаналарининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида ҳам айрим тарихий маълумотлар келтирилган.

 

Keywords: Irani, Persian, Marvi/Mavri, Transoxiana, Samarkand, Bukhara, sunnits, shiits, imamits, Pandjab.

 

Таянч иборалар: эрони, форс, марви/маври, Мовароуннаҳр, Самарқанд, Бухоро, суннийлар, шиалар, имомийлар, Панжоб.

XVI асрдан то XX асрнинг 20-йилларигача Мовароуннаҳрнинг сунний ҳукмдорлари ва Эрон шиалари ўртасидаги диний-ғоявий рақобатлар сабабли юзага келган тўқнашувлар, Эрон ва унга чегарадош бўлган мамлакатлардаги ижтимоий-сиёсий ва диний вазиятлар таъсирида Ўрта Осиёга шиалик вакиллари келиб ўрнашган. Шу сабабли Ўрта Осиёда, хусусан ҳозирги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида (эронлик яҳудийлардан ташқари) уларни эрони (форс. эронлик) этнографик атамаси билан атайдилар. Аммо эрони умумий этник термин бўлиб, барча шиалар битта “субэтник”[1] гуруҳга тегишлилигини билдирмайди. Биз эронлик деб билган шиалар орасида (қайси шаҳардан келиб чиқишига қараб) ўзини марви/маври (марвлик), сабзбори (сабзаворлик), машҳади (машҳадлик), гилони (гилонлик), мозандарони (мозандароклик), нисои (нисолик) деб атаганларни ҳам учратишимиз мумкин[4, б. 385-413; 8, б. 36-39].

Эронилар тил ишораларига кўра тожик ва туркий тиллиларга бўлинади. Чунончи, Бухоро хонлиги шаҳарлари тарихи бўйича тадқиқот олиб борган О.А.Сухарева Бухоро шаҳрининг тожик тилида гаплашувчи форслар тили ва антропологик турига кўра Самарқанднинг туркий тилда гаплашувчи, кўчириб келиниши амир Шоҳмуродга (1785-1800) мансуб деб билинган қизилбошлилар авлодларидан фарқ қилишини ёзади[11, б. 83]. Биз 2007 йил январ ойида Самарқанд шаҳрида тадқиқот олиб бориб, эрониларнинг Панжоб масжиди ва унинг атрофида истиқомат қилувчи ҳамда ишловчи эрони аҳоли сўзлашувида бунинг гувоҳи бўлганмиз.

Биз эронилар деб билган этник (ёки “субэтник”) гуруҳга нисбатан О.А.Сухарева Бухоро хонлиги шаҳарлари тарихи бўйича нашр қилган ишларида форc[12, б. 365], перс (форс) деган сўзни ишлатиб, адабиётларга ушбу гуруҳнинг расмий номи сифатида форс терминини киритиш таклифи билан чиққан. Олима бундай фикрга келишини 1910 йилда бўлиб ўтган “шиалар қирғини”дан сўнг, яъни Бухородаги сунний ва шиалар ўртасидаги муносабатлари кескинлашганда, шиалар олдинги эрони, марви сўзлари таҳқиромуз ва душманлик руҳида ишлатилгани учун форс номини қабул қилишганлиги билан изоҳлайди[12, б. 82-83].

Шиаларни форс ёки эронига бўлиниши ҳақида Помирда туман фуқаролар комиссари, профессор И.И.Зарубин фикр билдириб, эрони сўзини Бухоро амир Шоҳмурод Марвдан кўчириб келтирилган шахсларга нисбатан қўллайди. Улар, яъни Марвдан кўчириб келтирилганлар (бизнингча, қул қилиниб, Бухоро хонлигининг қул бозорларида сотилган барча шиалик вакиллари) ўзларини эрони деб атайдилар, тожиклар билан аралашмайдилар, лекин улардан тили ва дини билан фарқ қилишига қарамай, кийинишлари ва ҳаёт тарзлари тожикларникидек – деб ёзади[6, б. 8]. Эронилардан ташқари Каспий орти вилояти шаҳарларида яшовчи форслар ҳақида алоҳида гапиради. Масалан, 1926 йил рўйхатга олиш бўйича келтирилган маълумотларда И.И.Зарубин Самарқанд вилояти бўйича эронилар сонини 11 282, форслар сонини 654 нафар деб келтиради[5, б. 24]. Яъни бу ерда биз назарда тутган шиалик вакиллари икки – эрони ва форс – этник номлар билан аталмоқда.

Бу ҳақидаги маълумотларни биз бошқа адабиётларда ҳам учратишимиз мумкин. Масалан, О.Ата-Мирзаев, В.Гентшке, Р.Муртазаеваларнинг “Узбекистан многонациональный: историко-демографический аспект” [3, б. 54-68, 144-151] китобида 1926 йилда бошланган рўйхатга олишда Ўзбекистоннинг миллий таркибида эронилар 9,2 минг, форслар 9,8 минг кишини ташкил этганини кўрамиз. Кейинги, 1939 ва 1959 йилларда ўтказилган ҳисоб-китобда эронилар ҳам форслар ҳам алоҳида элат қилиб кўрсатилмагани сабаб уларнинг сонини билиш қийин. Аммо 1970, 1979 ва 1989 йилларда ҳисобга олинганлар орасида фақатгина форслар номи учрайди. Бу олдинги рўйхатга олинган даврларга қаранганда икки бараварга кўпайганини кўрсатади. Масалан, 1970 йилда 15,5 минг форс рўйхатга олинган бўлса[13, б. 448-452], 1979 ва 1989 йиллар оралиғида Ўзбекистонда 20,0 минг форс рўйхатга олинган.

Эрони этник гуруҳи бўйича тадқиқот олиб борган Ф.Д.Люшкевич (1926 йилда ўтказилган рўйхатга олишда келтирилгани каби) ҳамда И.И.Зарубин форслар деб кимларга нисбатан ишлатганини аниқ айтмайдилар[8, б. 39]. Лекин, И.И.Зарубин ҳам, 1926 йилда рўйхатга олганлар ҳам персы/форслар сўзини XX асрнинг бошларида Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистон ҳудудига бошпана ва даромадли иш излаб келган Эрон фуқароларига нисбатан ишлатганлар[9, б. 76]. Эрони сўзи ўша пайтларда фақат маҳаллий шиалар орасида тарқалган эди. 1970, 1979 ва 1989 йилларда ўтказилган рўйхатга олиш жараёнларида форс сўзи учрашига қарамай, асрлар давомида Ўзбекистон ҳудудида яшаб келаётган кўплаб шиа вакиллари ўзларини эрони деб атайдилар, ҳатто уларнинг паспортларида ҳам миллати эрони дея қайд этилган. Аммо ўсиб келаётган ёш авлод вакилларининг ҳужжатларида эса миллати ўзбек деб онгли равишда кўрсатганини гувоҳи бўламиз. Бу жараён табиий (яъни давлат муассасалари “ташаббуси” билан уюштирилмаган) ҳодиса. Қолаверса эронилар ўзининг “этник конвертация”га салбий баҳо беришмайди. Демак шу каби “этник ассимиляция” жараёни табиийдир. Қизиғи шундаки, эронилар ўз урф-одатларини тўла сақлаб қолган, барча расм-русумларини тиклаган ва давлатнинг бу жараёнларга аралашиши ёки уларга тўсқинлик қилиши сезилмайди.

2007 йилда Самарқанд шаҳри эрониларнинг Панжоб ва Хўжа Соат маҳаллаларида ўтказилган тадқиқотларимизда “Панжоб” масжиди имоми ноиби Исҳоқов Юсуф (1953 таваллуд топган, миллати эрони), шунингдек, Эрон-ўзбек дўстлик жамияти ва маданият маркази раиси Ғуломов Равшан (Равшан полвон, 1960 йил таваллуд топган) билан бўлган суҳбатда улар Самарқандда эрони-шиалардан ташқари рус тилида сўзлашувчи озарбайжон шиалари ҳам истиқомат қилишларини ва уларни пирсиён деб аташларини ҳамда айримларининг паспортларида озарбайжон ўрнига миллати форс деб ёзилганини айтиб ўтдилар.

Ўрта Осиёда, хусусан Ўзбекистонда тахминан 60 минг, Қозоғистонда тахминан 78 минг[7, б. 175], Туркманистон, Қизғизистон ва Тожикистонда тахминан 20 мингдан озарбайжон ҳозирда истиқомат қилади[15, 16, 17]. Озарбайжон миллатига мансуб кишилар Совет иттифоқи даврида бўлган тузум ва юритилган сталинча сиёсат туфайли Марказий Осиё ҳудудида жойлашган социалистик республикаларга бошқа – рус, арман, чечен ва ҳ.к. каби миллат вакиллари қаторида кўчириб келтирилган. Совет иттифоқи давридаги сиёсат ва вазият Марказий Осиёга келган озарбайжонларнинг дунёқараши, эътиқоди, урф-одатларига таъсир кўрсатмай қолмади. Масалан, 2007-2011 йилларда Тошкент давлат шарқшунослик институти Сиёсатшунослик факультети “Халқаро муносабатлар” йўналиши бакалавр талабаси, миллати озарбайжон бўлган Гаджиева Сакина Фикретовнанинг айтишича, амакиси вафот этганда унинг оиласи ён қўшнилари бўлган арман ва руслар билан биргаликда христианлик одатига кўра мусиқалар садоси остида дафн қилган. Энди эса биз, яъни озарбайжонлар, мусулмон эканлигимизни тушуниб етмоқдамиз – деб қўшиб қўйган Гаджиева Сакина. Озарбайжон-шиалар ўзини мусулмон деб англашига албатта улар яшаётган давлатларда ташкил этилган маданий-маърифий марказлар катта аҳамиятга эга. Бинобарин, бундай марказлар Туркманистоннинг Туркманбоши (олдинги Красноводск), Қозоғистоннинг Олма-ота, Қирғизистоннинг Бишкек, Тожикистоннинг Душанбе, Ўзбекистоннинг Навоий, Самарқанд вилоятлари, Фарғона водийси ва Тошкент шаҳрида мавжуд. Ўзбекистондаги озарбайжонларнинг илк маданий маркази 1989 йилда Тошкент шаҳридаги “Гардашлык” (“Қардошлик”) ва яна бири Самарқанд вилоятида очилган[14].

Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон эрони-шиаларининг Совет иттифоқи давридаги ҳаёти ҳам ўзига хослиги билан ажралиб турарди. Аввалам бор, шиаларни, бошқа дин ва миллат вакиллари билан бир қаторда, советлаштириш оқибатида уларнинг шиалик ҳақидаги билимлари ғира-шира, тўғрироғи, маълум (афтидан, соддалаштирилган) диний маросимлар кўринишида сақланиб қолган. Бу кўриниш кўплаб тадқиқотчилар изланишида учрайди. Масалан, ўзларининг илмий изланишлари жараёнида Б.Бобожонов ва А.Мўминовлар Самарқанднинг “янги” диний раҳбарлари 1990-йиллар бошларида умуман шиалик ҳақида, унинг устига, шиаликнинг ички оқим ва фирқалари ҳақида кенг билимларга эга эмас эдилар. Гарчи, бошқа тарихий маълумотларга кўра, шиалар Эрондаги диний раҳбар – оятулло, маржа ат-тақлид[2] Руҳулло Мусави Ҳумайни (1979-1889) ва унинг издоши Сайид Али Ҳомании (1989 йилдан ҳозиргача) ҳақида эшитган бўлиши мумкин.

Шунинг учун ўша пайтларда, яъни Совет даври ниҳоясига етаётган пайтда, эрони сифатида ўзини тарихий-этник англаши ҳақида гапириш ўринли бўлиб, диний англаш эса (атеистик сиёсат оқибатида) шунчалик ёддан чиққан эдики, эронилар ҳақида алоҳида бир диний ва ҳатто этник гуруҳ сифатида гапириш тўғри келмас эди. Эрониларнинг гуруҳий ўзини англаши, чунончи, Совет даври воқелиги шароити кўтарган меъёрларда, айрим маросим ва маросимий йиғилишлар орқали этник жиҳатдан ўзаро ҳиссиётларда сақланган. Аммо эронилар, ҳар қандай даражада маҳаллий аҳоли – ўзбеклар, тожиклар ва бошқа халқ ва этник гуруҳларга қўшилиб, улар билан елкама-елка фаолият олиб боришган.

Ўзбекистон эрониларининг асосий қисми Самарқандда истиқомат қилади. Бизнинг фикримизча, 1910 йилда Бухорода юз берган шиалар ва суннийлар ўртасидаги қонли тўқнашувлардан сўнг Самарқанд эронилар учун асосий бошпанага айланган. Ўша пайтларда туб аҳолига айланган эронилар берган маълумотларга кўра, Бухородан қочишган ва мустамлака бўлган Самарқандда паноҳ топишган. Улар бу ердаги шароитга кўникиб, ўзларининг меҳнаткашлиги ва топқирлиги билан яшаб кета олишган. Бунинг натижаси ўлароқ, эрониларнинг кўмаги билан Самарқанддаги Дарғом канали қурилган. Бу канал самарқандликлар хотирасида “Эрон ариғи” номи билан ёдда қолган. Кейинчалик ушбу канал атрофида Панжоб (Беш оқим, ўзан), Хўжа Соат, Лолазор, Тўпхона, Мингтут, Боғишамол, Қуллар боғи (ҳозирда Гуллар боғи), Бекмаҳалла каби эрониларнинг маҳаллалари вужудга келган. 1928 йилдан 1930 йилгача Самарқанднинг айнан шу жойида Эрон Боғишамоли тумани бўлган[2].

Ўзбекистон ҳудудида яшовчи эрониларнинг кенг хўжалик тури – ипак тўқиш (шоибофи), қандолат маҳсулотларини тайёрлаш (қанноди), доривор зиралар сотиш (аттори) ва заргарлик иши (заргари) бўлган[1, б. 123-125: 2]. Ҳозирга келиб эса, эронилардан бўлганларни мамлакатнинг турли жабҳаларида фаолият кўрсатаётганини учратишимиз мумкин.

2007 йил Самарқандга шаҳарнинг эрони аҳолиси тарихи, турмуш тарзи ва маданияти бўйича тадқиқот олиб бориш учун борганимизда Самарқанддаги эронилар мавзесида жойлашган “Тўмарис” меҳмонхонасида қўним топганмиз ва биринчи бўлиб, эронилар жонли кундалик сўзлашувларида туркий сўзларни ишлатишларига гувоҳ бўлдик. Бу ҳақида Самарқанд Давлат Университети “Ўзбекистон тарихи” кафедраси доценти, т.ф.н., Алиева Фотима Сатторовна (ўзи эронилардан бўлган) билан бўлган суҳбатда у киши Эронда турли миллат вакиллари – форслар, озарбайжонлар, курдлар каби миллатлар вакиллари истиқомат қилишини, Самарқандлик эронилар Эрон Озарбайжонидан, яъни Эроннинг Озарбайжон вилояти (Остон-э Озарбайджон) вакили ва озарбайжон тили ўзбек тилига яқин бўлганлиги учун туркий сўзлар ишлатишларини, шунингдек, 1970 йилда бўлиб ўтган умумиттифоқ рўйхатга олиш жараёнида Ўзбекистонда 15 457 эронлик рўйхатга олинган бўлиб улардан 12 202 таси ўзининг она тилиси сифатида ўзбек тилида сўзлашиши қайд этилганини айтиб ўтган[2].  Яна шуниси қизиқки, айрим эронилар ўзларини шиаликнинг жафарийлик мазҳабига асосланган имомийлик оқими вакили деб ҳисоблашади. Яъни тил жиҳатдан кечаётган ассимиляция ҳолатлари эрониларнинг диний конвертациясига айланмади. Этнографик жиҳатдан бу жараён эътиборга сазовордир.

Фотима Алиева ўз тадқиқотларида Ўзбекистонда эронилардан бўлган кўплаб фан ва маданият арбоблари чиққанлигини ёзади. Масалан, ушбу тадқиқотларда шоир ва насрнавис Абулқосим Лоҳути, хивалик литограф уста Иброҳим Султон, Бухоро амирлигида инқилобий ҳаракат иштирокчиси, кейинчалик тарихчи профессор Алиев (муаллифнинг отаси бўлиши мумкин), шарқшунос-педагоглар К.Шитфар, А.Табатабои, Д.Эфтекор, М.Тагеев, эроншунослар Латиф Ҳалилов ва А.Патсун, режиссер Сайид Али Охунзода, артист Рашид Файзи, Ўзбекистон Республикасининг Таиланддаги собиқ консули Парвиз Алиев каби инсонларнинг номларини учратишимиз мумкин[2]. Биз эса ўз ўрнида уларнинг орасига Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаевани қўшишимиз мукин. Озарбайжонлардан эса, Алишер Навоий номидаги давлат академик ва балет театри режиссёри, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқ артисти Ф.Сафаров, ёзувчи А.Нажафов, Ўзбекистон бадиий академияси рассоми Ю.Ҳусайновларни тилга олиш жоиз[14].

Ҳозирда Ўзбекистон эрониларининг асосий меъморий ёдгорликлари ҳақида гапирар эканмиз, Самарқанддаги Совет иттифоқи пайтида “ЎзССР Самарқанд шаҳар “Оғойи Мирҳасан” диний жамияти Панжоб масжиди” деб номланган Панжоб масжид ва мадрасаси ҳақида гапириб ўтмасдан иложи йўқ. Мадраса XIX асрда бизгача етиб келмаган масжид ва унинг минораси билан қурилган бўлиб, меъмори Хўжа Абдураим бўлган. Ушбу комплекс Ҳожибобо Абдуохунбек деган шахснинг вақф ерида қурилган. Панжоб мадрасаси 1908 йилдан бошлаб ишга тушган бўлиб, бу ерда тарбияланувчилар диний ва дунёвий илмларни ўрганишган. 1924 йилгача иморат яхши ҳолатда сақланган бўлиб, ўзининг белгиланган моҳиятига кўра фойдаланилган. 1924 йилдан мадраса (Совет иттифоқининг кўплаб диний муассасалари каби) турли хил ташкилот ва идоралар учун мослаштирилган ва ўшандан бери иморат ўзгаришларга учраган. 1939-1943 йилларда мадрасада ҳунармандчилик билим юрти жойлаштирилган. Кейинроқ иншоот ҳар хил идора – қурилиш, савдо, магазин, почта сифатларида фойдаланилган. 1990 йилга келиб Панжоб мадрасаси Самарқандаги эронилар аждодлари томонидан қурилган Мурод Авлиё хотира комплекси билан биргаликда ўзининг ҳақиқий соҳиблари бўлган мусулмон-шиалар қўлига ўтган. Шу йилнинг 10 мартидан Панжоб мадрасасида “Эронилар маданият маркази” ташкил этилган. Мадрасага туташган масжид ўрнига 1997 йил янгиси қурилиб, 1999 йилда ишга туширилган. Бундан ташқари Панжоб масжид ва мадрасасидан 50 метр оралиқда Панжоб мозори назорати ҳам эронилар қўлига ўтган. Айтишларича, у ер қардошлар қабристони бўлиб, эронилардан ташқари араб, яҳудий ва курдлар дафн этилган. Бизга самарқандлик эронилар томонидан берилган маълумотларда шаҳарда 9 та эронилар масжиди бўлиб, улардан фақат иккитаси рўйхатдан ўтганлиги учун, Бухорода эса бундай масжидлардан фақат биттаси (Бухоро шаҳри Самарқанд кўчасида жойлашган масжид) очиқ ҳисобланади[1, б. 126].

Демак, Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилувчи эронилар Марказий Осиёхалқларининг бири сифатида сақланган. Эронилар маҳаллий халқлар билан анча яқинлашиб кетиши билан бир қаторда, ўзларининг диний ва этник идентификациясини сақлаб қолишга муваффақ бўлди.  Бундай ҳолат Ўрта Осиёдаги мамлакатлардан кўпроқ Ўзбекистонда учрайди. Шу билан бир қаторда, мавжуд шароитлар туфайли эрониларнинг Ўзбекистон маданияти ва фанига қўшган ҳиссаси шубҳасиз. Бу жараёнлар мафкуравий жиҳатдан эътиборга сазавор бўлишидан ташқари, илмий (этнологик ёки тарихий) жиҳатдан ҳам қизиқарли. Яъни эронилар каби этник гуруҳлар маҳаллий шароитларга мослашиб, ҳатто шу шароитларга ўзининг тегишли таъсирларини кўрсата олган. Келажакда шу каби омилларни этнологлар албатта кенг ва чуқурроқ ўрганиши лозим. Хусусан, эрониларнинг ҳар хил шароитларга адаптация (мослашиш) сабаблари ва турларини аниқлаш долзарб масалалар қаторида туради.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

  1. Алиева Ф. Иранцы Самарканда // Узбекистанский гуманитарный журнал «Общественное мнение. Права человека» №1 (13), – Т.: 2001.
  2. Алиева Ф. Самаркандские иранцы. centr-asia.narod.ru/iran 20.06.2006-09:46 AM.
  3. Ата-Мирзаев О., Гентшке В., Муртазаева Р. Узбекистан многонациональный: историко-демографический аспект. – Т,: Изд. медицинской литературы имени Абу Али Ибн Сино, 1998.
  4. Babadžanov B.M. On the history of the naqšbandīya muğaddīya in Central Maāwarā’nnahr in the late 18th and early 19th centures // Muslim culture in Rissia and Central Asia from the 18th to the early 20th centuries. – Berlin, Klaus, Schwartz, Verlag. 1998.
  5. Зарубин И.И. Население Самаркандской области. – Л.: 1926.
  6. Зарубин И.И. Список народностей Туркестанского края. – Л.: 1925.
  7. Ислам на территории бывшей Российской империи. Энциклопедический словарь. Под редакцией С.М.Прозорова. – М.: Издательская фирма «Восточная литература» РАН, 2006. Т. I.
  8. Люшкевич Ф. Д. Этнографическая группа иронии // Занятия и быт народов Средней Азии. – Л.: 1971.
  9. Маҳди Санойи “Неҳованди”. جایگاه ایران در آسیای مرکزی (Марказий Осиёдаги Эрон жойлари). – Теҳрон, Халқаро чин эътиқод нашриёти, 1376/1997.
  10. Словарь этнонимов. – М.: Наука, 1988.
  11. Сухарева О.А. К истории городов Бухарского ханства. – Т.: Изд. АН УзССР, 1958.
  12. Сухарева О.А. Квартальная община позднефеодального города Бухары. – Т.: Наука. 1976.
  13. اقوام مسلمان اتحاد شوروی (Совет иттифоқининг мусулмон қавмлари). Тузувчи: Ширин Акинер, таржимон Муҳаммад Ҳусайн Ориё. Форс тилида. – Теҳрон, Илмий ва маданий нашрлар ширкати, 1367/1988.
  14. forum.turan.info/showthread.
  15. podrobno.uz/cat/calche/Azerbajdzancu v Yzbekistane.
  16. chrono-tm.org; inform.kz./rus/article/2207169.
  17. planeta-imen.narod.ru/imena/azerbaijan.
 

[1] “Субэтник” (“Субэтнос”) атамаси бу ерда маълум бир халқ ёки этносдан жуғрофий ёки сиёсий сабабларга кўра ажралиб чиққан гуруҳга нисбатан ишлатилмоқда [10;197-199].

[2] Оятуллоҳ (“Аллоҳ мўъжизаси”) ва Маржа ат-тақлид (“Тақлид қилиш объекти”) – шиалар оламида кўзга кўринган ва юқори мартабага эришган руҳонийларга бериладиган унвонлар.