ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЁТИДА ХИЗМАТЛАРНИНГ РОЛИ ВА ИНВЕСТИЦИЯ МАСАЛАЛАРИ

Библиографическое описание
Жалилов Ш.Х. ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЁТИДА ХИЗМАТЛАРНИНГ РОЛИ ВА ИНВЕСТИЦИЯ МАСАЛАЛАРИ / Ш.Х. Жалилов, Л.Н. Бозорова, С.С. Махмудов // Инновационные подходы в современной науке: сб. ст. по материалам CIII Международной научно-практической конференции «Инновационные подходы в современной науке». – № 19(103). – М., Изд. «Интернаука», 2021. DOI:10.32743/25878603.2021.19.103.304256

ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЁТИДА ХИЗМАТЛАРНИНГ РОЛИ ВА ИНВЕСТИЦИЯ МАСАЛАЛАРИ

Жалилов Шохжаҳон Холбозор ўғли

Тошкент давлат аграр университети катта ўқитувчиси,

Ўзбекистон, Тошкент

Бозорова Лобар Нуралиевна

Тошкент давлат аграр университети мустақил изланувчи,

Ўзбекистон, Тошкент

Махмудов Саидкарим Саидахматович

Тошкент давлат аграр университети мустақил изланувчи,

Ўзбекистон, Тошкент

 

 

Мамлакатимизда “хизмат кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш, ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда хизматларнинг ўрни ва улушини ошириш, кўрсатилаётган хизматлар таркибини, энг аввало, уларнинг замонавий, юқори технологик турлари ҳисобига тубдан ўзгартириш” долзарб масала ҳисобланади [1].

2020 йил якунларига кўра, мамлакатимизда кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 194 356,0 млрд. сўмни, хизматларнинг ўсиш сурьати ўтган йилга нисбатан 111,5% ни ташкил этди (1-расм).

 

1-расм. 2020 йилда хизматлар соҳасининг асосий кўрсаткичлари

Манба: Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитаси маълумотлари

 

Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, ўтган 2019 йилда аҳоли жон бошига кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми, 5 668,6 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш сурьати 110,4% бўлди. Тошкент шаҳрида аҳоли жон бошига хизматлар ҳажми 25 703,0 минг сўм эквивалентида белгиланган. Шу билан бирга, юқори кўрсаткичлар Навоий (4 904,9 минг сўм), Тошкент (4 705,7 минг сўм) ва Бухоро (4 275,4 минг сўм) вилоятларида қайд этилди.

Наманган (2 675,5 минг сўм), Қашқадарё (2691,1 минг сўм) ва Сурхондарё (2 873,2 минг сўм) вилоятларида бошқа ҳудудларга қараганда аҳоли жон бошига хизматлар ҳажми нисбатан паст бўлди.

Хизматлар соҳасининг жами кўрсатилган хизматларга нисбатан тармоқлар кесимидаги улушини қарайдиган бўлсак, 2019 йилда энг кўп улуш транспор хизматлари (28,1%), савдо хизматлари (25,1%) ва молиявий хизматларга (18,2%) тўғри келган бўлса, кейинги ўринларда алоқа ва ахборот хизматлари (5,7%), таълим хизматлари (3,7%), кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар (3,1%) га тўғри келиб, энг кам улушни соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар (1,5%) ташкил этган (2-расм).

Хизматлар соҳасининг ривожланиш даражаси аҳолининг муносиб ҳаёт сифатини таъминлаш кўрсаткичидир, чунки хизматлар бозорини ривожланишига таъсир қилувчи омил аҳолининг реал даромадлари ва турмуш даражасининг ўсиши ҳисобланади.

Замонавий Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболлари миллий ва маҳаллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда республиканинг ҳар бир иқтисодий тумани ва вилоятларининг барча ресурсларидан оқилона фойдаланишига боғлиқдир. Шунингдек, Мамлакатимизда постиндустриал ахборот жамияти шаклланиши билан хизматлар соҳасининг роли тобора ўсиб боради, чунки аҳолининг эҳтиёжлари доимий равишда ўсиб боради ва уларнинг хилма-хиллиги доимий равишда кенгайиб боради. Кейинчалик янги иш ўринларини яратиш орқали иқтисодиётни барқарор ўсишини таъминлаш, инвестиция, солиқ, пул-кредит, фан-техник сиёсатини такомиллаштириш ва янги ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали кичик бизнесни ривожлантириш бозор хизматларининг тармоқлар таркибида сифатли таркибий ўзгаришларга олиб келади.

 

2-расм. 2020 йилда хизматлар соҳасининг тармоқлари кесимидаги улуши

Манба: Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитаси маълумотлари

 

Бундан кўриниб турибдики, хизматлар соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётининг энг муҳим бўғинларидан бирига айланиб улгурди. 2020 йил якунларига кўра, мамлакатимизда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 4,2 млрд. долларни ташкил этди. Инвестицияларнинг ЯИМдаги улуши 38%га етди. Иқтисодий ўсиш 5,6%ни ташкил этди. Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингида 7 поғона кўтарилиб, бизнесни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича дунёнинг 190 та давлати орасида 8-ўринни эгалладик ва энг яхши ислоҳотчи давлатлар қаторидан жой олдик.

2021 йилда 25 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилади ҳамда 206 та янги йирик қувватлар ишга туширилиши, бунда инвестицияларнинг салмоқли қисми тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ва кредитлар бўлиши режалаштирилмоқда [2].

Шу ўринда, хизмат кўрсатиш соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим манбаи ва омили ҳисобланади. Жаҳон тажрибасига кўра, хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши тараққий этган мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти таркибида, масалан, Америка Қўшма Штатларида 80 фоизга, Буюк Британия, Канада, Францияда 70 фоиздан зиёд, Германия, Италия, Японияда 68 фоизга тенг бўлганлиги билан белгиланади. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 2019 йилда 35,5 % га тенг бўлди.

2020 йил якунлари бўйича, xизмат кўрсатиш соҳасининг ялпи қўшилган қиймати ҳажми 165 053,2 млрд. сўмни ташкил этди ва 2018 йилга нисбатан 5,1% га ўсди. Шундан, савдо xизматлари (автотранспорт воситаларини таъмирлашни қўшган ҳолда) 4,9 % га, яшаш ва овқатланиш бўйича xизматлар 5,9 % га, ташиш ва сақлаш xизматлари 4,9 % га, аxборот ва алоқа xизматлари 8,0 % га ва xизматлар соҳасининг бошқа тармоқлари 5,0 % га ўсди [3].

Хизматлар соҳаси – корхоналар, ташкилотлар ҳамда жисмоний шахслар томонидан кўрсатиладиган турли хизмат турларини такрор ишлаб чиқаришни ўз ичига олган жамланма соҳа ҳисобланади. Бошқача айтганда, хизматлар соҳаси тижорат, касбий ва маиший хизматларни кўрсатишга ихтисослашган мамлакат иқтисодиётининг тармоқлари ҳисобланади. Хизматлар соҳасининг ЯИМдаги улуши бўйича мамлакат иқтисодиётининг тараққиёт даражасини баҳолаш мумкин.

Шу билан бирга, хизматлар соҳаси иқтисодий ривожланган мамлакатларда иқтисодиётнинг ва банд бўлганларнинг асосий қисмини ташкил этади. Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётида банд бўлган аҳолининг 49,7 % ни хизматлар соҳаси ташкил этади.

2020 йил 1 январь ҳолатига республикада 398,1 мингта фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар қайд этилди. Шундан, хизматлар соҳасида 261 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,7,0% га ошди. Хизматлар соҳасида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар таркибида савдо фаолияти билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотлар улуши (39,6%) юқоридир. Шу билан бирга, саноат соҳасида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар улуши - 17,7 %, қурилиш - 9,1 % бўлса, атиги 7,4 % қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги соҳаси корхоналари ҳиссасига тўғри келди.

Яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларни кўрсатувчи корхона ва ташкилотларнинг улуши 9,8% га тенгдир. Хизматлар соҳасида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар умумий сонида ташиш ва сақлаш фаолияти билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотларнинг улуши 5,9% га етди. Ахборот фаолияти билан шуғулланувчи ва алоқа хизматларини кўрсатувчи фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотларнинг улуши 3,0% ни ташкил этди. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотларнинг улуши 3,0% ни ташкил қилади.

Инвестиция фаолияти – мамлакат иқтисодий ўсишининг муҳим элементидир. Ўзбекистон Республикасида қулай инвестиция муҳити учун барча шароитлар яратилмоқда, хорижий сармоядорлар учун кенг қамровли ҳуқуқий кафолатлар ва имтиёзлар тизими амал қилмоқда ва такомиллаштирилмоқда, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятини рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тизими ишлаб чиқилган.

2020 йил январь-декабрь ойларида хизматлар соҳасига йўналтирилган инвестицияларнинг улуши умумий инвестиция ҳажмининг 27,2% ни ташкил этди ва 51 736,6 млрд. сўмга тенг бўлди. Хизматлар соҳасида асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажмида ташиш ва сақлаш (21,9%), савдо (11,4 %), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар (9,7 %), таълим (9,4 %), яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар (8,5 %), шунингдек, ахборот ва алоқа (6,3 %) улуши устунлик қилади.

Маълумки, логистика мамлакат ичидаги ва ташқарисида товарларнинг жисмоний ҳаракатланишини қўллаб-қувватловчи хизмат кўрсатиш тармоғини ўз ичига олади. Логистика самарадорлиги индекси (LPI) товарларни чегаралар бўйлаб қандай самарали ҳаракатланиши нуқтаи назарида давлатларни баҳолайди.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, логистика самарадорлиги индекси (LPI) бўйича 167 дунё мамлакатлари орасида Ўзбекистон 2,50 индекси билан 117-ўринни эгаллади. Ушбу рейтингда Ўзбекистоннинг инфратузилмасини ривожлантириш даражаси 2,44 ни ташкил этди, бу эса бизнинг мамлакатимизга 98-ўринни эгаллаш имконини берди. Ўз вақтида етказиб бериш муддатига риоя этиш даражаси 3,01 (101-ўрин), шунингдек, логистика сифати ва омилкорлиги 2,49 (109-ўрин) деб баҳоланди.

Кўплаб халқаро экспертларнинг фикрига кўра, хизматлар соҳасининг жадал ривожланиши мамлакат иқтисодиётининг замонавий тузилмавий мослаштиришни муваффақиятли якунлаш учун ҳал қилувчи шартдир. Хизматлар соҳасининг тармоқлар таркиби ва технологиялари тобора мураккаблашиб бориши, маҳсулот сифати ва ранг-баранглигини ошириш, шунингдек, юқори технологияли хизматлар тармоқларининг жадал ривожланиши корхона ва ташкилотлар, уй хўжаликларининг самарадорлиги ва рақобатбардошлигини янада оширишга ёрдам беради.

Фикримизча, хизматлар соҳасининг ривожланиш даражаси жуда паст бўлганлигининг асосий сабаблари давлат мулкининг устуворлиги ва хизматлар соҳасини молиялаштиришда қолдиқ тамойили асосида амалга оширилганлиги;

бозорда рақобатбардош муносабатларнинг етарли эмаслиги ва тарифларнинг ўсишини чеклаш ва янги ташкилий тузилмалар учун маъмурий тўсиқлар;

хизмат кўрсатишнинг ривожланиши аҳоли биринчи ўринда соҳада бандликни ошириш, инсон капиталининг сифатини ошириш ва ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш;

юқори технологияли маҳсулотларни сотиш ва сотишдан кейинги хизмат кўрсатишда муҳим омил саналади, бу соҳада турли хизматларни жорий этиш товарларни сотиш ҳажмига сезиларли таъсир кўрсатади.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки,

Ўзбекистоннинг мукаммал инвестицион ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилиши ва унда хизматлар соҳасининг менежмент ва маркетинги очиб берилиши лозим;

жаҳон тажрибаси ўрганилган ҳолда инвестиция масаласига кенг қамровли ёндашиб, дунёнинг глобал инвестицион индексида белгилаб берилган йўналишларга алоҳида эътибор бериш, жумладан, хизматлар соҳаси самарадорлигига инвестицион жараёнларнинг таъсири илмий жиҳатдан ўрганилиши лозим.

Хизматлар соҳасининг ривожланиши - жамиятнинг муваффақиятли равнақ топишига асосдир. Техника, технология, ишлаб чиқариш тузилмаларининг мураккаблашиши, аҳоли турмуш даражасининг ошиши, шунингдек, инсоннинг ўзини мукаммаллаштириши, яъни таълим ва маданият даражасини ошириши ҳисобига ишлаб чиқариш ва аҳоли эҳтиёжлари изчил равишда кенгайиб боради. Натижада, Ўзбекистонда хизматлар ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг оқилона таркибини шакллантириш ҳамда келажакда аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишни таъминлаш имконини беради.

 

Адабиётлар рўйхати:

  1. “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги 2017 йил 7 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-4947-сонли фармони.
  2. https://www.norma.uz/bizning_sharhlar/2020_yilgi_murojaatnoma_prezidentning_maruzasidan_asosiy_tezislar.
  3. https://www.stat.uz/2019 yil yakunlari.
  4. Друкер П. Бизнес и инновации. — М.: Вильямс, 2010. — 432 с. — ISBN 0-88730-618-7.
  5. И.С.Очилов, Ш.Х.Жалилов, Д.Ш.Атабоева. Фан пойтахти, 2020. - 154-162 б. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш масалалари.